Шавкат Мирзиёев экспортда янги бозорларга кириб бориш зарурлиги ҳақида гапирди

Описание к видео Шавкат Мирзиёев экспортда янги бозорларга кириб бориш зарурлиги ҳақида гапирди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 16 апрель куни тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Тўқимачилик барча ҳудудларимизда кенг тарқалган ва аҳолини энг кўп банд қилган салоҳиятли саноат тармоғидир. Бугунги кунда 6 мингдан зиёд корхонада 570 минг киши иш билан таъминланган.

Сўнгги йилларда инвестициялар ва янги технологиялар фаол жалб этилгани туфайли соҳада натижадорлик жадал ошган. Масалан, ўтган йили 8 миллиард 200 миллион долларлик тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 7 йил олдингига нисбатан 4,2 баравар кўп.

Шунингдек, 2023 йилда тармоқдаги экспорт 3,1 миллиард доллар бўлди. Бу йил яна учта янги бозорларга чиқилиб, экспорт географияси 83 та давлатга етди.

Бироқ унинг таркиби таҳлил қилинса, муайян камчиликлар ҳам кўзга ташланади. Масалан, тайёр товарлар экспортида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши кам. Экспортнинг қарийб 80 фоизи анъанавий бозорларга тўғри келаяпти. Европага экспорт ҳажми кутилганидек эмас.

Ривожланган давлатлар бозорига ёки брендларга экспорт ҳажмини ошириш учун халқаро стандарт ва сертификат талаб этилади. Лекин биздаги атиги 175 та корхона бундай талабларга жавоб беради. 18 та туманда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йиллик ҳажми 1 миллион долларга ҳам етмайди.

Йиғилишда шу каби таҳлиллар асосида тармоқдаги улкан имкониятлар кўрсатиб ўтилди.

“Boston Consulting Group” хулосасига кўра, биздаги хомашё билан камида 15 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, яна 500 мингта янги иш ўрни яратиш имконияти бор.

Масалан, юртимизда 1 килограмм ип-калаванинг таннархи жаҳондаги нархлардан ўртача 28 фоиз арзон. Бу – тайёр маҳсулотни кўпайтириш ва рақобат учун жуда катта имконият.

Молиявий қўллаб-қувватлов ҳам бор. Ўтган йил бошида газлама, бўяш-пардозлаш, тайёр тикув-трикотаж лойиҳалари учун 50 миллион доллар ресурс ажратилган. Бу маблағ ишлатилганидан кейин, яна 100 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ҳудудларда лойиҳаларни ва иш ўринларини кўпайтириш кераклигини таъкидлади.

– Бу соҳада ягона тўғри йўлимиз – мавжуд хомашёни тўлиқ қайта ишлаш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш ва анъанавий арзон бозорлардан, янги бозорларга кириб бориш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Комментарии

Информация по комментариям в разработке